Китоб Мутоласи

Мумтоз адиблардан бири китобни кўнгил малҳами, дея таърифлаган эди. Яқинда шифокорлар китоб мутолааси жуда фойдали муолажа эканини ҳам исботлашди. Ҳатто айрим шифохоналарда библиотерапия билан даволаш усули жорий этилди. Хўш, қандай китоблар соғайишга ёрдам беради? Ливерпул университети олимлари тажрибага жалб этилган кишиларнинг Шекспир асарларини ўқиётган чоғида бош миясида кузатилган фаол ўзгаришларни қайд этишди. Бундай муолажа усули асабий ва қўрқув ҳолатидаги кишиларни тинчлантириб соғайтириш учун махсус ишлаб чиқилган экан. Маълум бўлишича, бадиий юксак асарлар таъсирида бош миянинг кучли ҳис-ҳаяжон қўзғайдиган қисми фаолияти мўътадиллашиб, назорат қилиш қатламида фаоллик ортар экан. Муолажага арзирли китобларни ҳар ким ўз диди, савиясидан келиб чиқиб танлаши мумкин. Муҳими библиотерапиядаги асосий талабга риоя этиш лозим, яъни асар қизиқарли бўлиши, ўқиш жараёни фақат ҳузур-ҳаловат бахш этиб қолмай, фикрлашга ҳам ундамоғи, ўйлашга мажбур этмоғи керак. Aсар бош қаҳрамони ҳаётингизда қачондир рўй берган ва ҳануз оромингизни ўғирлаб келаётган вазиятга тушиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, китоб хотиржамлик ва кўтаринки кайфият бағишлаши, муаммо кўнгилдагидай ҳал бўлишига ишонч уйғотиши, ёруғ таассурот қолдириши зарур. Қандай китоблар мутолаа чоғида ақл ва юракка қувват беради? Биринчи галда мумтоз адабиёт намуналари. Бир маромдаги ҳикоя услуби кишида турғун ва барқарор ҳис-туйғуларни уйғотади. Aсар қаҳрамони йўл қўйган хато нуқсонларингиз ҳақида ўйлаб кўришга ундайди. Мумтоз асарлар мутолааси киши руҳий зарбаларга учраганда, марказий асаб тизими бузилганда, невроз ҳолатида, нохуш хотираларни унутиш қийин кечадиган пайтларда ўзига хос муолажа бўлади. Детектив ва саргузашт асарлар диққат-эътибор, қунт-сабот ва кузатувчанликни чиниқтиради. Мураккаб сюжетлар маҳзун ўй-хаёл ва ташвишлардан чалғитади. Нохуш фикр мияга ўрнашиб қолган, руҳан сиқилган пайтларда китоб ўқиш муолажа вазифасини ўтайди. Илмий фантастик асарлар юз бериш эҳтимоли бор нарсалар ҳақидаги тасаввурни кенгайтиради, ўй ва истакларни чўчимай хаёлдан ўтказиш, бошқаларда ҳам шундай фикр ва истак бўлиши мумкинлигини тан олиш имконини беради. Бундай китоблар турли ваҳима ва қўрқувлардан азият чекувчи, қатъий тартибда яшовчиларга тавсия қилинади. Назмий асарлардаги аниқ ритм организмда кечаётган жараёнларни меъёрига келтиради, кайфиятни кўтаради, кишида ўз кучига ишонч уйғотади. Депрессия ҳолатларида, шунингдек, инсултдан кейинги дудуқланишни даволашда ҳам бу усул қўлланади. Эртак ва фолклор адабиёти эса, қийинчиликсиз муомала қилиш қоидаларига, кузатувчанликка одатлантиради. Бу турдаги китоблар шошқалоқ, итоациз, сўзга кирмайдиган болаларни тарбиялашда қўл келади. Ҳуқуқий адабиёт хавотирли вазиятларнинг олдини олиш, зиддиятларсиз муомалага киришишга ўргатади. Ўсмирларга ўтиш даврида ёрдам беради, жарроҳлик амалларидан сўнг кайфиятни кўтаради. Фалсафий ва диний адабиётлар дунёнинг яхлитлиги, унда инсоннинг ўрни ҳақида тасаввур беради. Ўткир руҳий зарбалар, сурункали руҳий сиқилишлардан халос этади. Китобдан олинадиган ахборотлар бош миянинг қисқа ва узоқ муддатли хотирага масъул қисмлари ўртасида янги алоқани шакллантиради, мияни чиниқтиради. Мутолаа учун китобни билиб танласангиз чинакам ҳаёт мактабидан сабоқ олгандек ўз-ўзингизни янада яхшироқ англай бошлайсиз. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил

Shavkatjon

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Post comment

Saytni Tarjimalash »